Шерзод Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири этиб тайинланди
Халқ таълими вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг раҳбарлари ўзгарди.
Бугун, 17 ноябрь куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунгача халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерматов Шерзод Хотамович номзоди маъқулланди. Бу ҳақда UzNews нашри депутат Дониёр Ғаниевга таянган ҳолда хабар беради.
Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Шерзод Шерматов 2018 йил июнь ойидан бошлаб халқ таълими вазири лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди.
Халқ таълими вазири этиб Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келаётган Саидов Бахтиёр Одилович тайинланди.
Шарҳлар