,

Шимолий Корея сувости ядро қуролини синовдан ўтказди

Фото: местное центральное телевидение КНДР

КХДР “Хэиль-5-23” сувости ядро қуролини синовдан ўтказди, деб ёзади Meduza мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнотига таяниб.

Вазирлик таъкидлашича, Япон денгизи акваториясида амалга оширилган ушбу синов АҚШ, Жанубий Корея ва Япония 15 январдан 17 январга қадар олиб борган ҳарбий-денгиз ўқув машғулотларига жавоб бўлган.

“Биз янги йил бошидан буён КХДР хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётган АҚШ ва унинг малайларининг бемулоҳаза қилмишларини қоралаймиз ва ҳалокатли оқибатлар ҳақида қатъий огоҳлантирамиз”, — дейилади баёнотда.

14 январ куни Шимолий Корея Япон денгизида гипертовушли бошқарилувчи жанговар каллакка эга ўрта масофали баллистик ракета синовдан ўтказилганини маълум қилганди. Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги ўшанда КХДР томонидан ўтказилган синовларни қоралаб, унинг тўғридан тўғри провокацияларига тегишли жавоб берилишини қайд этганди.

Аввалроқ Ким Чен Ин Жанубий Кореяни босиб олиш кераклигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея Жанубий Кореяни биринчи рақамли душман мамлакат деб тан олиши ва уруш юз берган тақдирда унинг ҳудудини тўлиқ эгаллаб олиш ҳақидаги мажбуриятни конституцияда белгилаб қўйиши керак.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.