Швейцария суди Гулнора Каримованинг компаниясига музлатиб қўйилган 70 млн доллар активларни қайтариш ҳақида қарор чиқарди
Швейцария Федерал жиноят суди Ўзбекистоннинг биринчи президентининг катта қизи Гулнора Каримовага қарши жиноят иши доирасида музлатиб қўйилган маблағлардан 70 млн долларга яқинини Takilant компаниясига қайтариш ҳақида қарор чиқарди. Тергов бу активларнинг жиноят натижасида олинганини аниқлашга муваффақ бўлолмади, дейилади Федерал жиноят судининг баёнотида. Бу ҳақда “Фергана” нашри Swissinfo нашрига таянган ҳолда ёзади.
Компания Бенефициари Гулнора Каримова ҳисобланган Takilant компанияси жиноий тергов ишлари олиб борилаётган Швейцариядаги бешта ҳисобрақамдан иккитаси билан боғланган бўлган. Компаниядан мусодара қилинган умумий сумма 350 млн долларни ташкил қилган.
Суд ушбу сумманинг катта қисми – 293 млн доллардан ортиғи (270 млн швейцария франкига яқин) мусодара қилиниши керак деган хулосага келган, чунки ишга алоқадор бир нечта шахс, шу жумладан Гулнора Каримова ва унинг ёрдамчиси ҳам, оғирлаштирувчи ҳолатларда пулларни “ювишда” айбдор деб тан олинган.
2020 йил декабрь ойининг бошида Швейцария апелляция суди Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтган, маблағлари 2018 йилда тергов томонидан Швейцария банкидаги ҳисобда музлатилган Takilant компаниясининг қонуний бенефициари экани ҳақидаги даъво аризасини қўллаб-қувватлаганди.
Қайд этиш жоизки, Европа мамлакатларида Каримованинг номи билан боғлиқ компанияларнинг жиноий фаолиятини тергов қилиш ишлари 2012 йилда бошланганди. Марҳум президентнинг катта қизига яқин бўлган икки нафар шахс ҳужжатларни қалбакилаштириш ва пулларни “ювишда” айбланган. Кейинчалик тергов ишлари кенгайтирилиб, унга яна икки киши – Каримованинг ўзи (2013 йилда ундан дипломатик иммунитет олиб ташланганидан сўнг) ва қариндоши ҳам жалб этилди.
«Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириши эвазига ноқонуний равишда йирик пул суммаларини олишни ўз ичига олган. Кейин бу маблағлар хорижда, асосан Швейцарияда “ювилган”. 2018 йилда Швейцария Каримовани жазолади ва Швейцариядаги иккита банкда сақланаётган 555 млн доллардан ортиқ суммани мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди», – дея қайд этади «Фергана».
2020 йил май ойида Франция Ўзбекистонга Каримованинг 10 млн долларлик активларини қайтарди. Ўша йил сентябрь ойида Швейцария Ўзбекистон билан доиравий келишувни имзолади, унга кўра мамлакат Ўзбекистонга 2012 йилдан буён Гулнора Каримованинг Швейцария банкларидаги ҳисобрақамларида ётган 131 млн долларни қайтариши керак.
Гулнора Каримовага қарашли компанияларнинг жиноий фаолиятига Европа мамлакатлари ва АҚШ қизиқиб қолганидан кейин Ўзбекистонда талон-тарож қилиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш айбловлари билан унга қарши иккита жиноий иш қўзғатилди. 2015 йилда Ўзбекистон суди Каримовани беш йилга озодликдан маҳрум қилди, 2017 йилда у яна 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2018 йилда иккинчи иш бўйича қамоқ муддати беш йилга қисқартирилди. 2020 йил март ойида учинчи жиноят иши доирасида Каримова жиноий ҳамжамиятни ташкиллаштирганлик, пул ундириш ва бошқа жиноятларда айбланиб, 13 йил ва 4 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Шарҳлар