Сигарет чекиб автобус бошқарган ҳайдовчи ишдан бўшатилди
28-декабрь куни, Телеграм ижтимоий тармоғида автобус ҳайдовчиси тамаки маҳсулотини истеъмол қилиб кетаётгани акс этган видео жойлаштирилди. Мазкур ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ муносабат билдирди.
“Тошшаҳартрансхизмат” Акциядорлик жамиятининг Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари ўтказилганда, мазкур қоидабузарлик «18-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги, давлат рақами 01|184 ҚКА, сарой рақами 441-бўлган, 87-сонли йўналишда ҳаракатланувчи «Ютонг» русумли автобус ҳайдовчиси И.А томонидан содир этилганлиги аниқланган.
«Таъкидлаш керакки, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг автобус саройларида фаолият олиб бораётган ҳар бир ҳайдовчига йўналишда тартиб интизомни сақлаш, йўловчи ташиш қоидалари ва маданиятига риоя этиш ва корхонанинг ички меҳнат тартибига амал қилиш, шунингдек, ҳаракат вақтида уяли алоқа телефонидан фойдаланмаслик ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилмаслик бўйича йўриқнома ўтказилган бўлиб, ҳар бир ҳайдовчидан юқоридаги талабларга риоя этиши юзасидан кафолат хати олинган», – дейилади хабарда.
Ушбу кафолат хатига асосланиб, автобусни бошқариш вақтида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиб, корхона ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун ҳайдовчига нисбатан «18-Автобус саройи» филиали раҳбарияти томонидан қатъий чора кўрилиб, ҳайдовчи И.А билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини маълум қилган.
Шарҳлар