Сирдарё вилоятида содир бўлган ўрмон ёнғинидан кўрилган зарар қарийб 500 млн сўмни ташкил қилди
7 март куни Сирдарё вилоятидаги “Қолгансир“ давлат ўрмон ов хўжалиги ер майдонида йирик ёнғин содир бўлди, бу ҳақда Ўзбекистон Табиат ресурслари вазирлиги хабар беради.
Ўрганиш давомида ”Қолгансир“ давлат ўрмон ов хўжалигига қарашли жами 10 гектар ер майдони ёнгани маълум бўлди. Шундан 2 гектар ер майдонидаги мавжуд манзарали дарахтлар тегишли тартибда хатловдан ўтказилиб, жами 4 турдаги 294 дона манзарали дарахтлар ўсишдан тўхташ, 4 турдаги 217 дона манзарали дарахтлар эса ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланганлиги аниқланди. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланганда 494 миллион 940 минг сўмни ташкил этди.
Ёнғиннинг келиб чиқишига ”Шоликор“ ва ”Синдоробод» СИУ ҳудудида фаолият олиб борувчи 35 нафар фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан шолидан бўшаган ер майдонидаги ўсимлик қолдиқларининг ёқиб юборилганлиги сабаб бўлган ва бунинг натижасида жами 311.7 гектар дала ер майдони ёнган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра зарар миқдори 295 миллион 627 минг сўмни ташкил қилган. Юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Шарҳлар