Сирдарёда янги йил байрами «паққилдоқ»лари қўлга олинди
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Оҳангарон туманида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар беряпти.
«Кузатувга олинган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Оҳангарон туманидаги “Чинор” ЙПХ масканида тўхтатилиб белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, хорижда ишлаб чиқарилган ва тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 97 млн. сўмлик жами 193 минг 800 дона “Британик” номли пиротехника маҳсулоти борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси ҳам белгиланган тартибда кўздан кечирилганда 43 млн сўмлик жами 86 минг 400 дона “Британик” номли пиротехника маҳсулоти борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шарҳлар