Skate Uzbekistan Ассоциацияси ташкил этилди

Ўзбекистонда янги Skate Uzbekistan спорт ассоциацияси ташкил этилди. Ассоциация раиси этиб Азиз Аҳмедов, бош котиб этиб эса Камол Усмонов сайланди. Бу ҳақда UzNews нашри Туризм ва спорт вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

Ушбу ассоциациянинг ташкил этилиши янги Ўзбекистон ёшлари учун катта имкониятлар эшигини очади, яъни, энди скейтбординг ва роллер спорт турлари бўйича ёшларда нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлиб, мамлакатда ушбу спорт турларига ихтисослашган замонавий иншоотларни барпо этишга замин яратилади, дейилади хабарда.

Бугунги кунда жаҳоннинг World Skate ассоциацияси билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу спорт турини Ўзбекистонда ривожлантириш ҳамда спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши учун музокаралар олиб борилмоқда.

Skate Uzbekistan ассоциацияси қуйидаги спорт турларини ўз ичига олади: скейтбординг, роллерда конькида учиш, роллерда фигурали учиш, роллерда юқори тезлик, роликли конькида эркин услуб, шунингдек, эркин слалом, роллерда хоккей, роллер дерби ва скутер, шунингдек, эркин скутер.

Қайд этилишича, 2021 йилда илк бор Токио Олимпиадаси дастурига иккита спорт тури бўйича скейтбординг мусобақалари киритилган. Шунингдек ушбу спорт тури Парижда 2024 йилда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларининг дастуридан ҳам ўрин олган.

Вазирликнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик скейтбордчилар учун Париж-2024 Олимпиадасига 12 та лицензия олиш имконияти мавжуд.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.