Соҳта Миллий гвардия ҳодими мактаб ҳудудига киришга уринди
Жорий йилнинг 5 март куни Гулистон шаҳрида жойлашган 8-сонли мактабда янги тизимда хизмат олиб бораётган қоровул ходими юклатилган вазифани бажариш вақтида, соат 15:30лар атрофида хатти-ҳаракатида шубҳа уйғотган Миллий гвардия кийимида келган шахсни кириш жойида тўхтатганда, у соҳта гувоҳнамани кўрсатиб, мактабга кириши кераклигини айтади. Мактаб маъмурияти ҳам ушбу шахсни муқаддам учратмаганликлари ва у мактабга бириктирилмаганлиги ҳақида маълумот беришган. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати ёзмоқда.
Миллий гвардия ходимлари томонидан ушбу шахс огоҳлантирилиб, ундан қалбаки гувоҳномани топширилиши сўралганда, у ходимларга қўпол муносабатда бўлиб, ҳатосини тан олмасдан фаол қаршилик кўрсатишга уринган. Шундай бўлсада унинг бу каби ножўя ҳаракатларининг салбий оқибатлари қайта тушунтирилган ҳолда тинчлантирилиган.
Олиб борилган текширувлар давомида ушбу шахс, Гулистон шаҳрида жойлашган 16-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси У.Х. эканлиги маълум бўлган.
Ҳозирда фуқаро У.Х.дан Миллий гвардия хизмат кийими ва соҳта гувоҳномаси олиб қўйилиб, унинг нима мақсадда форма кийиб мактабга кирмоқчи бўлганлиги ва бунинг асл сабабларини аниқлаш юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси суриштирув ишларини давом эттирмоқда.
Шарҳлар