Сохта маҳсулотнинг истеъмолчи учун хавфлилиги нимада

Источник: ГТК

Ўзбекистонга кириб келаётган контрафакт маҳсулотлари асл маҳсулотларнинг ҳам нархига, ҳам сифатига салбий тасирини ўтказмай қўймайди.

Контрафакт ўзи нима?

Контрафакт маҳсулот – бу интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган товарлар.

Сохта маҳсулотнинг истеъмолчи учун хавфлилиги нимада?

Биз ички истеъмол бозорида кўпинча озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, қурилиш материаллари, косметика, тамаки, спиртли ичимликлар ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда  қалбакилаштирилган ҳолатда сотилаётган маҳсулотларни кўп учратамиз. Ташқи кўринишидан асл  ва қалбаки маҳсулотлар ўртасидаги фарқ унчалик билинмайди. Истеъмолчилар эса унинг таркиби, ишлаб чиқариш технологияси бузилганини сезмайдилар ва сохта  маҳсулотларнинг арзон нархлари  уларни ўзига жалб қилади. Қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат асл ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солади.

Мамлакатимизга акциз солиғига тортилиши даркор бўлган муҳим товарлар контрабанда йўллари орқали импорт қилинмоқда ва контрафакт маҳсулотлари кириб келиши ҳанузгача давом этаётган ҳолатлар кам эмас.  Боз устига, божхонада расмийлаштирилмаган ва, демак, сифати кафолатланмаган қатор маҳсулотлар ва сигаретларнинг нафақат иқтисодиётга келтираётган зарари, балки  инсон соғлиги учун хавфи анчагина юқори.

Божхона органлари тамаки ва қатор маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбирларни мунтазам амалга ошириб келишмоқда. Шунга қарамай, бозорларимизда рақамли маркаланмаган товарлар кўпаймоқда ва улар қайси йўллар орқали кириб келаётганлиги жамоатчиликни қизиқтирмоқда.

Рақамли маркировкалаш ўзи нимани англатади?

Божхона органлари томонидан берилган хабарга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қиймати 17.7 млрд. сўмлик 1.5 млн. қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга кўпайганлигини билишимиз мумкин. Ноқонуний келтирилган тамаки маҳсулотлари ҳажмини кўриб, қолган маҳсулотлар қанчалик миқдорда ўтаётганлиги кишини ўйлантириб қўяди.

Бугун Ўзбекистон қонунчилигида контрафакт олиб кирганлар учун қандай жазо чоралар мавжуд ва нега, ханузгача оддий аҳоли вакиллари сифати кафолатланмаган маҳсулотлардан азият чекиб, зарар кўрмоғи лозим. Бу борада ҳуқуқ ҳимоячиларимиз фикрлари билан қизиқдик.

Гувоҳ бўлганимиздек, бу жараёнларнинг олдини олишга қаратилган ваколатли органлар кам эмас, аммо бозорда контрафакт маҳсулотлар  камаймаяпти. Афсуски, амалдаги қонунчиликда Ўзбекистонда контрафакт маҳсулотлар айланмасига қарши курашиш учун самарали реал механизмлар мавжуд эмас.

Бугунги ҳолатда ваколатли органлар фақат манфаатдор шахсларнинг аризаси келиб тушганда ҳаракат қилади, холос.

Инсофли ишлаб чиқарувчилар бозорни мустақил равишда мониторинг қилишга, қонунбузарларни аниқлашга, таҳлил учун маҳсулотни сотиб олишга, сотиш ва ишлаб чиқариш жойларининг манзилларини ўзлари аниқлашга, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вазифасига кирадиган тезкор-қидирув ишлари билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида турли ноҳуш ҳолатларни вужудга келишига олиб келмоқда.

Давлат солиқ инспекцияси, божхона, прокуратура органлари Олий Мажлиснинг қонунчилик палатаси бу муаммога жиддий эътибор қаратмасалар ҳолат кундан кунга оғирлашиб бориши аниқ.

Anhor.uz яна ушбу мавзуга қайтади ва ўз ўрганишларини давом эттиради.

Бобур Каримов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.