«Сохта ҳавола» ишонган фуқаро 3 миллиондан ортиқ пулга «улхади»

Фото: Toshkent tibbiyot akademiyasi

Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи 32 ёшли Б.М. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 3.150.000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Самарқанд вилоятида яшовчи М.Х. содир этганлиги аниқланди.

М.Х. Интернет фойдаланувчиларига телеграм мессенжери орқали “муҳим, кўринг” мазмунидаги ёлғон эълонлар остида сохта дастур, ҳавола жўнатиб, бу эълонга ишонган жабрланувчи Б.М.нинг банк карта маълумотларини қўлга киритган ва унинг банк мобил иловасига иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб олган.

«Жиноятчи унинг ҳисобидаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган», – дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «г» бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.