ССВ давлат тиббий суғуртаси доирасида пуллик хизматлар кўрсатилиши ҳақидаги хабарни рад этди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида поликлиникада рўйхатдан ўтмаган фуқароларга пуллик тиббий хизмат кўрсатилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, аҳолига кафолатланган пакет доирасида кўрсатилаётган тиббий ёрдам мутлақо бепул кўрсатилади, дея ишонтиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Бунинг учун фуқаролар оилавий шифокор кўригидан ўтиб, бир марта шахсини идентификациялаши керак. Шу билан бирга, “Электрон поликлиника” тизимига маълумотларни киритиш учун фуқаролар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.
“Агар телефонда ўзини поликлиниканинг «ходими» сифатида кўрсатган шахс сиздан паспортингиз ва оила аъзоларингизнинг паспортлари, шунингдек, фарзандларингизнинг метрикаларини юборишингизни сўраса, сиз рад этишингиз ва ҳужжатлар нусхаларини юбормаслигингиз керак. Поликлиника ходимлари сиздан телефон орқали вақт ажратишингизни ва паспорт маълумотларини тасдиқлаш учун поликлиникага шахсан келишингизни сўрашлари керак”.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасалари давлат тиббий суғурта тизимига ўтиши муносабати билан пойтахт аҳолисидан ҳудудий оилавий поликлиникаларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан келишларини сўраган.
Вазирликнинг эслатишича, 2023 йил 1 июлдан Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш кўзда тутилган. Бунинг учун тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш учун барча шароитлар яратилди. Хусусан, пойтахтдаги 71 та поликлиника, 12 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 40 та шифохона компьютер ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.
Мазкур тизим ишга туширилгач, фуқаролар давлат бюджети маблағлари доирасида кафолатланган тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади. Яъни, ҳар бир фуқаронинг (беморнинг) ташхиси, касаллик тарихи, даволаниши ҳақидаги тўлиқ маълумотлар электрон маълумотлар базасига киритилади ва шу асосда шифокор беморни кузатувга олиб, даволаш-профилактика чораларини кўради.
Бундан ташқари, беморлар дори воситаларини электрон шаклда олишлари мумкин бўлади. Бунинг натижасида оилавий поликлиникалардаги навбатларнинг олди олиниб, мурожаатлар сони камаяди.
Шарҳлар