Суд президентни ҳақорат қилган Ўзбекистон фуқаросини беш йилга ҳукм қилди

Суд
Источник: unsplash.com

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди 27 ёшли маҳаллий фуқарони интернетда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилгани ва хорижга ноқонуний чиққани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилди.

Судья ҳукмни 28 март куни эълон қилди, бироқ бу ҳақда энди маълум бўлди. Фуқаро жазони колонияда ўтайди, шунингдек, суд унинг Redmi Note 11 телефонини давлат фойдасига мусодара қилишга қарор қилди.

Йигит 2023 йилнинг 4 декабрида Эрондан қайтгач қўлга олинган. Суд қарорида таъкидланганидек, айбланувчи Facebook ижтимоий тармоғида Ўзбекистон президентининг ўтган йилнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадидаги иштироки ҳақидаги пост остида “туҳматли изоҳ” қолдирган.

Шунингдек, 27 ёшли наманганлик фуқаро Фейсбукда президентнинг Маккага зиёрат қилган суратини жойлаштирган ва бу суратни экспертлар ҳақоратомуз деб топган. Судланувчи ушбу айбловларни қисман тан олди.

Иш материалларида, шунингдек, 2016 йил сентябрь ойида йигит паспортига чиқиш стикерини олмасдан Эронга жўнаб кетгани ҳам кўрсатилган.

Судда наманганлик фуқаро университетга кириш учун мамлакатдан чиқиб кетганини тушунтирди. У Эронда тўрт йил таҳсил олиб, Ал-Мустафо” номидаги халқаро университет дипломини олган. 2022 йилда судланувчи қидирувда эканлигини билиб, 2023 йил 3 декабрь куни Теҳрондан Тошкентга учиб келган.

Интернетда мамлакат президентини ҳақорат қилганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Жиноят кодексида 2021 йил март ойида пайдо бўлган ва шундан буён судлар мунтазам равишда ушбу модда бўйича қарорлар қабул қилиб келмоқда. Хусусан, 2023 йил ноябрида Самарқанд вилоятида яшовчи 19 ёшли йигит Инстаграмда президент Шавкат Мирзиёев ҳақида ёзган изоҳи учун 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.