«Суюнчи пули» олишда нималарга эътибор қаратамиз

Фото: Пенсия жамғармаси

Халқ тилида “Суюнчи нафақаси” деб аталадиган бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳар бир туғилган фарзанд учун тўлаб берилади.

Бу тизим қачондан амалиётга кирган?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йилдаги ПФ-871-сон Фармони билан ушбу тизим жорий этилган унга кўра:
«Бозор муносабатлари шаклланаётган шароитда болали оилаларга давлат йўли билан мадад беришни кучайтириш, ёш авлодни тарбиялаш муаммоларини ҳал этишда ижтимоий кафолатларни таъминлаш ва болаларни ҳар томонлама камол топтириш мақсадида, 1994 йил 1 сентябрдан бошлаб болали оилаларга давлат ижтимоий ёрдамининг амалдаги тизими ўрнига қуйидаги нафақа турларидан иборат ягона тизим жорий этилиши белгиланган.»

Маълумот учун: бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа суммаси – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 70,3 фоизи деб белгиланган. Яъни 2023 йил 1 декабрдан  бу миқдор 738 150 сўмни ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 августдаги ПФ-6277-сон Фармони билан, юқорида амалда бўлган Фармонга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши натижасида;

«бола икки ёшга етгунча уни парваришлаш учун ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно) оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақалар — корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари».
Бунда, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно) оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақалар миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 60 фоизи миқдорида белгилансин», – дея кўрсатиб ўтилган.

Суюнчи нафақасини олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, бунда фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш мақсадида “суюнчи нафақаси”ни тайинлаш бўйича хизматлар 2020 йилдан бошлаб, фуқаронинг мурожаатисиз композит шаклида амалга оширилмоқда.

Яъни, бугунги кунда бола туғилганда болага бериладиган фамилия, исм ва ота исми, ота-она ва уларнинг никоҳи, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги барча маълумотлар тиббиёт муассасаси (туғруқхона, шифохона туғруқ бўлими, оилавий поликлиника) томонидан «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.

Пенсия жамғармаси томонидан барча зарурий маълумотлар тиббиёт муассасаси ва ФҲДЁ ахборот тизимларидан электрон шаклда олинган ҳолда “Суюнчи” нафақаси автоматик равишда тайинланади.

«Шунингдек, эндиликда, фуқаролар янги туғилган фарзандлари учун “Суюнчи пули”ни «xazna» иловаси орқали ҳам осонгина олишлари мумкин», – деб хабар беряпти Пенсия жамғармаси матбуот хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.