Сурхондарёда қишлоқ хўжалик ерларида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилган
Ангор туманида тадбиркор 3,10 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги майдонида қурилиш ишлари олиб боргани аниқланди, деб ёзади «Газета.uz» нашри Бош прокуратурага таянган ҳолда.
Сурхондарё вилояти прокуратурасининг маълумотларига кўра, «A.I.» МЧЖ раҳбари Р.Ф. томонидан Ангор тумани, «Мустақиллик 10 йиллиги» массиви ҳудудидаги «Саид Носирхон» фермер хўжалиги балансидаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонида 4 гектар ер майдони ўрнига амалда 7,10 гектар ер майдонидан фойдаланиб келган.
«Тадбиркор томонидан 3,10 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга оширилиб, 3,10 гектар ер майдонини қишлоқ хўжалик фойдаланишидан чиқишига сабаб бўлган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 3 млрд 183 млн сўм зарар етказилган», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар