Сурхондарёлик шахс интернет орқали наманганлик фуқаронинг пулларини ўғирлади

Фото: Киберхавфсизлик хизмати

Наманган вилояти, Уйчи туманида яшовчи 34 ёшли А.Ғ. ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 1.075.000 сўм пуллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти, Ангор туманида яшовчи муқаддам  судланган 24 ёшли Р.Д. содир этганлиги аниқланган.

Р.Д., интернет фойдаланувчиларига телеграм мессенжерида “Фақат арзон товарлар” номли аккаунт очиб, ўзини “Компьютер ва телефонлар учун керакли асбоб ускуналарни етказиб берувчи” сифатида таништирган ва мазкур товарлар жуда арзон эканлигини, тўловларни олдиндан амалга оширишлари кераклигини айтган ҳолда пулларини ўзининг банк картасига ўтказиб олгандан сўнг ёзишмаларни ўчириб юборган ва мазкур пулларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Р.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.