Сурхондарёда сел оқимлари сув босишига сабабчи бўлди
Кеча, 21 март куни соат 19:10 атрофида кучли ёғингарчилик туфайли Қумқўрғон тумани ҳудудига Анорли сойи орқали тоғлардан сел оқими келиб тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Туманнинг икки ички кўчасида жойлашган «Элобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 47 хонадоннинг ҳовлиси ва боғлари ҳамда айрим тураржой бинолари ичкарисига сув ва лой кириб келган.
Бундан ташқари, Азларсой ариғидан ёмғир суви тошиб чиқиб, бешта ички кўчада жойлашган 56 та хонадоннинг ҳовлиси ва боғларини босган.
Ҳокимлик хабар беришича, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида «Азларсой» микрорайонидаги 56 та хонадондан 210 нафар фуқаро, «Элобод» микрорайонидаги 32 хонадондан 150 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудда жойлашган қариндошларининг уйларга вақтинчалик кўчирилган.
Бундан ташқари, туман марказидаги “Янги шаҳар” кичик туманида жойлашган 2-4 қаватли уйларнинг ертўлаларида тўпланиб қолган сел сувлари ёнғин-қутқарув техникаси ва мотор насослари ёрдамида олиб ташланган.
Сел оқими М-41 “Алмата – Бишкек – Душанбе – Термиз” йўлининг Қумқўрғон тумани «Элобод» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1535-1536-километрларидаги йўл қисмини ҳам сув босган. Ҳудуд махсус техникалар ёрдамида тозалангач, соат 21:00 да икки томонлама ҳаракат тўлиқ тикланган.
Қумқўрғон туманида ҳам “Қумқўрғон – Элбаон” темир йўл участкасининг қарийб 0,4 километрини сув босиб, шағал қопламини қисман ювиб кетган.
Темир йўлдаги оқибатларни бартараф этиш учун 200 нафар темирйўлчи, авария-қутқарув поезди, иккита юк кўтарувчи, бир экскаватор ва 28 ёрдамчи вагон жалб этилган. Бугун, 22 март куни эрталаб соат 7:00 да темир йўл ҳаракати тўлиқ тикланган.
Вазият вилоят ҳокимининг шахсан назоратига олиниб, воқеа содир бўлган тунда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, барча мутасадди ташкилотлар вакиллари, сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар мутасаддилари воқеа жойига етиб келган ва селга қарши ҳудудий штаб ташкил қилинган.
Айни пайтда штаб мутахассислари томонидан ҳудудга етказилган зарар аниқланиб, аҳолига ёрдам кўрсатилмоқда.
Қайд этилишича, сел оқими Сурхондарёнинг бошқа ҳудудлари – Шўрчи, Шеробод ва Бандихон туманларида ҳам кузатилган.
Шарҳлар