Сув тошқини сабабли Сурхондарё вилоятида 230 дан ортиқ киши эвакуация қилинди
Кеча, 5 май куни соат 23:00 да Сурхондарё вилояти Узун туманида тоғ ва адирликларида кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида “Мустақилликнинг 22 йиллиги” МФЙ “Тоштепа” қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ўрта ариқ” каналида сув миқдори меъёридан ошиб кетиши натижасида каналдан тошиб кетган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар беради.
Натижада каналга яқин жойлашган 40 га яқин аҳоли уйлари, томорқалари ва “Деҳқон” маҳалласида 15 та аҳоли томорқаларини сув босган.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Тоштепа” қишлоғидаги 40 та хонадонлардан 230 дан ортиқ фуқаролар 19-сонли умумтаълим мактабига вақтинчалик кўчириб ўтказилган.
Ҳодиса оқибатида аҳолини тан жароҳат олиши ҳолатлари тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Ҳозир вазият тўлиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги назорати остида.
Воқеа жойида хонадонма-хонадон юриб, ҳолатнинг кўлами ва талофатларни аниқлаш, махсус техникалар ёрдамида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Шарҳлар