Табиат ресурслари вазирлиги боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг овда акс этган суратларига муносабат билдирди
Табиат ресурслари вазирлиги Ижтимоий тармоқларда Рио олимпиадаси ғолиби Фазлиддин Ғоибназаровнинг овда акс этган видео ва суратлари бўйича изоҳ берди.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ўрганишлар давомида 2022 йилнинг 30 декабрь куни Тошкент вилояти Бекобод тумани Сирдарё дарёсида фуқаро Х.У томонидан қушлар овлангани ва ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар билан биргаликда спортчи Ф. Гаибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушганлиги ўз тасдиғини топган.
Ўрганишлар давомида овни амалга оширган фуқаро Х.У нинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтганлиги аниқланган.
Бироқ, у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузганлиги ва бу билан табиатга зарар етказганлиги маълум бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига асосан, ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан барча иштирокчилардан бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида тушунтириш хатлари олиниб, профилактик суҳбат ўтказилган.
Шарҳлар