Табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш билан янги ташкил қилинган UzGasTrade АЖ шуғулланади
Ўзбекистонда президент қарори билан марказлаштирилган тартибда табиий газни харид қилиш ва сотиш билан шуғулланадиган UzGasTrade акциядорлик жамияти ташкил этилмоқда. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.
Август ойига қадар ушбу вазифани “Ўзтрансгаз” компанияси бажаришда давом этади, келгусида унда фақат газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган магистрал газ узатиш тизимининг ягона оператори вазифаси сақланиб қолади.
1 августдан UzGasTrade қуйидагиларни амалга оширади:
– табиий газни ягона давлат оператори сифатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланган нархларда ҳамда марказлаштирилган ҳолда ташқи манбалардан импорт қилиш орқали харид қилиш;
– табиий газни “Ҳудудгазтаъминот” корхонасига ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга бевосита шартномалар асосида сотиш;
– ягона экспортчи функцияларини амалга ошириш, мамлакат президентининг қарорларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
1 август ҳолатига табиий газни сотиб олиш ва уни ички бозорда сотиш билан боғлиқ мавжуд дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида қолади. 2022 йил 1 августдан бошлаб “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг табиий газни харид қилиш-сотиш, шу жумладан маҳсулот тақсимоти бўйича шартнома ва келишувлари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари UzGasTrade компаниясига ўтади.
Қайд этиб ўтамиз, “Ўзтрансгаз” АЖ 2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистондаги энг рентабелли давлат корхоналари рўйхатида биринчи ўринни эгалларди.
Акциядорнинг UzGasTrade акциядорлик жамиятидаги давлат акцияларига бўлган ҳуқуқини Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги амалга оширади. Шунингдек, у ҳар йили ресурслар ва истеъмол балансидан келиб чиқиб, келгуси йил учун газ экспорти ҳажми бўйича таклифлар киритади.
Шарҳлар