Путин, Байден, Цзиньпин ва бошқалар: Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами муносабати билан хорижий етакчилар табриклар йўлламоқда

Фото: Президент Матбуот хизмати

Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар, парламентлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро институтлар ва минтақавий ташкилотлар, етакчи корпорация ва компаниялар раҳбарларидан, таниқли сиёсат, жамоат ва дин арбобларидан самимий табриклар келмоқда, деб ёзади ЎзА.

Хорижий ҳамкорлар ўз мактубларида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва давлатимизнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган прагматик ва фаол ташқи сиёсатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини таъкидламоқдалар. Иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, таълим, маданият, спорт ва бошқа кўплаб йўналишлардаги ютуқлар алоҳида эътироф этилмоқда.

Кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва бахт-саодат, янада гуллаб-яшнаш ва тараққиёт тилаклари билдирилмоқда.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон, Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла, Икки Муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, Саудия Арабистони Подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва бошқа бир қатор мамлакатлар етакчилари ўз табрикларини йўллаган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.