Тадбиркорларга субсидия ва имтиёз тақдим этиш тартиблари такомиллаштирилмоқда
24 майда Президентнинг “Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 193-сонли Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларга субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (қўллаб-қувватлаш чоралари) уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда жорий этилади:
қўллаб-қувватлаш чоралари “В” ва ундан юқори рейтинг даражасига эга тадбиркорларга амалдагисига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:
- “ААА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 100 фоизи;
- “АА” тоифа – амалдаги миқдорнинг 90 фоизи;
- “А” тоифа – амалдаги миқдорнинг 80 фоизи;
- “ВВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 70 фоизи;
- “ВВ” тоифа – амалдаги миқдорнинг 60 фоизи;
- “В” тоифа – амалдаги миқдорнинг 50 фоизи;
Қўллаб-қувватлаш чоралари рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган, шунингдек, Президент Фармонига мувофиқ 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорларга уларнинг рейтинг даражасидан қатъи назар амалдаги миқдорларда тақдим этилади.
Тадбиркорларнинг рейтинг даражаси:
- пасайган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш 3 ой давомида сақлаб қолинади;
- юқорилаган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.
2025 йил 1 январдан “subsidiya.mf.uz” платформасида тадбиркорларга тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг турлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.
Шарҳлар