Талаба қизни зўрлашга уринган ТДПУ декани ўринбосари қўлга олинди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ) деканининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари хибсга олинди. Ушбу олий ўқув юртининг талабаси декан ўринбосари уни зўрлашга урингани, бунинг уддасидан чиқолмаганидан кейин уни деразадан итариб юборгани ҳақида маълум қилган, дея хабар беради “Подробно” нашри.
Дастлабки тергов жараёнида 18 октябрь куни соат тахминан 16.00 да 37 ёшли Боғибек Ю. ТДПУ биносида бўлган пайтида 20 ёшли Муштарийбонуни зўрлашга уринган. У кабинетининг эшигини ичкаридан ёпган. Қизнинг 24 ёшли таниши Саркорбек эса бунга халақит берган. Шундан сўнг декан ўринбосари қизни деразадан итариб юборган.
«Ушбу ҳолат бўйича 19 октябрь куни Жиноят кодексининг 105-моддаси, 1-қисми бўйича (қасддан ўртача оғирликдаги тан жароҳатини етказиш) жиноят иши қўзғатилган. 21 октябрь куни гумондор Боғибек қўлга олинган. Жиноят иши Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми (зўрлаш) ва 105-моддаси (қасддан ўртача оғирликдаги тан жароҳатини етказиш) бўйича қайта малакаланган. 23 октябрь куни фуқаро хибсга олинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», – дея хабар беради ИИББ.
Ушбу воқеани Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курс талабаси Комилова Мугтарийбону мурожаат қилганидан кейин зўравонликка қарши NeMolchi.uz лойиҳаси чоп этган. Қизнинг сўзларига кўра, у 2021 йил 18 октябрда Зулфия мукофоти танловига тақдим этиш учун характеристика ва рецензия олиш мақсадида декан ўринбосарининг олдига келган.
У қиздан кутиб туришини сўраган. Қизнинг айтишича, бошқалар кабинетни тарк этганидан кейин декан ўринбосари чарчаганини айтиб, ундан қаҳва тайёрлашни сўраган. Қиз қаҳва тайёрлаш учун тескари ўгирилганида, декан ўринбосари эшикни ичкаридан қулфлаган ва чироқни ўчирган. Муштарий ниманидир сезгандай, ўзининг дўсти билан боғланиб ундан тезда етиб келишини илтимос қилган. Кейин у кабинетдан чиқмоқчи бўлганида, декан ўринбосари уни ушлаб олиб кабинетдаги диванга ётқизмоқчи бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, қиз 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида, унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб, силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб, қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб, қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб, йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.
Бемор олиб келинганида, пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг, мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида унда қатор терапия амалиётлари бажарилган.
“Ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда”, – дейилади хабарда.
Шарҳлар