Етим болаларга уй-жой ажратиш билан ҳудудий ҳокимликлар шуғулланади

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди. Ҳукумат қарори билан тегишли низом тасдиқланди.

Низомга кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар вилоят ҳокимликлари томонидан бозордаги кўп квартирали уйлардан ажратилади. Бунда ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни муассасада бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтож сифатида “онлайн-навбат”га киритиб боради.

Болаларга 18 ёшга тўлган йилда:

кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали;

вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ 30 ёшга тўлгунгача уни сотиш ҳуқуқисиз берилади.

Низомга кўра, уй-жойлар туман ҳокимлиги томонидан ажратилиб, яшаш учун барча зарур шароитларга эга ҳолда топширилади.

Уй-жой билан таъминланиш ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда янгиланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.

Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги ордер беради ва ушбу ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади. Ордерлар “онлайн-навбат” ахборот тизимидаги қатъий кетма-кетлик асосида берилади. Уй-жой ордер берилган кундан 10 кундан кечикмай нотариал расмийлаштирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.