Талон-тарожда айбланаётган Андижон ҳокими ҳибсга олинган кунида 24 та қарорни чиқарган
48 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланган Андижон вилояти ҳокими Бахром Ҳайдаров ҳибсга олинган кунида 24 та, эртасига эса яна иккита қарор ва фармойиш чиқарган. Бу ҳужжатларнинг барчаси Ҳайдаровнинг электрон рақамли имзоси ёрдамида ҳокимлик девонхона раҳбари томонидан тасдиқланиб, “E-qaror” платформасига жойлаштирилди, деб ёзади “Фергана” нашри.
Фармойишларнинг қонунийлиги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширилмоқда, Ҳайдаровнинг “E-qaror ” платформасидаги шахсий кабинети блокировка қилинди.
“Ушбу жараёнда ҳужжатларни қалбакилаштириш эҳтимолини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратурага юборилади. Ҳар бир қарорнинг қонунийлиги текширилгунга қадар тегишли ижро этувчи ҳокимият органларига уларнинг ижроси мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хабар берилади. Ўрганиш натижаларига кўра қўшимча маълумотлар берилади”, — дейилади вилоят адлия бошқармасининг хабарида.
“Газета” нашрининг хабарига кўра, 7 июнь куни суд Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаган.
Жорий йилнинг 6 июнь куни соат 9:43 дан 21:18 гача ва 7 июнь соат 18:10 дан 21:07 гача девон раҳбари С.Қодиржонов томонидан “E-Qaror” платформасида 26 та қарор ва фармойишлар шаҳар ҳокимига тегишли рақамли электрон имзо ёрдамида имзоланган.
6 июнь куни қабул қилинган 17 та қарор ва фармойиш ер участкаларини онлайн-аукционга қўйиш билан боғлиқ. Улар орасида “Боғи Эрам” маҳалласидаги 180-216 квадрат метр майдонга эга бир нечта ер участкалари мавжуд. Қолган ҳужжатлар таътил, тупроқ ишлари ва бошқа масалалар билан боғлиқ.
7 июнь куни ҳоким томонидан имзоланган иккита қарорда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини онлайн-аукцион савдолари учун жойлаштириш ҳам назарда тутилган.
Шарҳлар