Ташқи ишлар вазири: Украинада яна 300 нафар ўзбекистонлик қолмоқда

Источник: Сенат Олий Мажлиса

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири 16 март куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Украинадаги жанговар ҳаракатлар зонасидан мамлакат фуқароларини эвакуация қилиш ишлари ҳақида гапириб берди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

«Бугунги кунда 300 га яқин фуқаромиз ҳамон Украинада қолмоқда. Улар билан мулоқотдамиз, ҳаммаларига ёрдам беряпмиз. Битта мураккаб масала — бу хавфсизлик масаласи. Лекин бунинг ҳам йўлини топиб, яқин орада уларни қайтаришга ҳаракат қиламиз», — дейди Абдулазиз Камилов.

ТИВ раҳбари ўз вақтида Сурия, Ироқ ва Афғонистон каби давлатлардан Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинганини эслаб, Украинадан эвакуация қилиш жараёни ҳам улардан енгил бўлмаганини таъкидлади. 

«Нега деганда, Сурияда асосий муаммо шундан иборат бўлдики, давлат бўлиниб кетгани учун бир минтақадан иккинчи минтақага ўтишда ҳар бир минтақада ўзининг зўравонлик қилаётган хўжайинлари бор. Улар билан келишиш жуда қийин бўлди, лекин уларни ҳам омон-эсон олиб келдик. Лекин бу гал Украинада одамлар ўляпти, шунча ҳарбий кучлар ишлаяпти», — дея таъкидлади ТИВ раҳбари.

Шунингдек вазир Россияга қарши жорий этилаётган санкцияларнинг Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатишига ҳам изоҳ берди.

«Ғарбнинг Россияга қарши чеклов чоралари, санкциялари Ўзбекистонга бевосита таъсир кўрсатади. Ҳозир мамлакатимизни ушбу санкциялардан ҳимоя қилиш ва унинг салбий таъсирининг олдини олиш бўйича чораларни кўриш муҳимдир», — дейди Абдулазиз Камилов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.