Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликлардан ҳарбий низолар ҳудудига бормасликни сўрамоқда
Ижтимоий тармоқнинг айрим ахборот каналларида “Пермдаги ўзбек диаспораси раҳбари шахсан ўз ватандошларини Украинага урушга жалб қиляпти” сарлавҳаси остида видеороликлар тарқалган. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Аввалроқ “Пермь ўлкаси Марказий Осиё ўзбеклари жамияти” ҳудудий жамоат ташкилоти бошқаруви раиси Жаҳонгир Жалолов ташкилот қурултойида Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий амалиётида иштирок этиш учун кўнгиллилар отрядини ташкил этиш таклифини билдирган эди.
Унинг ўзбек диаспораси қурултойидаги нутқидан иқтибос келтирамиз:
“Фарзандларимиз боғчаларга қатнайди, мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олади. Биз Россияда яшаймиз ва ишлаймиз. Биз еяётган нонимизни нафақат оқлашимиз керак, балки шарт ҳам. Мен кўнгиллилар батальонини тузиб, уни Амир Темурнинг улуғ номи билан аташни ва Россиянинг Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашни таклиф қиламан”.
У ўз нутқининг якунида шундай деган:
“Мен ўзбек эканлигимдан фахрланаман. Мен Россия Федерацияси фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Менинг президентим Владимир Владимирович Путин эканлигидан фахрланаман. Россия учун! Ватан учун! Мен Россия Федерациясига хизмат қиламан!
Шундан сўнг йиғилганлар ўрнидан туриб узоқ қарсак чалишди.
Жаҳонгир Жалоловнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Россия президенти Владимир Путиннинг қора кўзойнак таққан сурати, Russia Forward ёзуви ҳамда Z ва V рамзлари бор.
Шарҳлар