Тажимуратов одамларни митинг ўтказишга даъват қилишидан олдин нималар содир бўлгани ҳақида гапириб берди

Источник: пресс-служба Верховного суда

Нукусда 1−2 июль кунлари юз берган воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича асосий судланувчи Даулетмурат Тажимуратов Бухоро вилоят судида 1 декабрь куни берган кўрсатувида Қорақалпоғистон депутатлари нима учун республиканинг суверен мақомидан воз кечиш учун овоз берганини аниқлашга қандай урингани ва митинг ўтказиш даъвати билан чиқишга уни нима ундаганини гапириб берди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

Кўрсатмасининг бошида у баъзи судланувчиларни — унга қарши кўрсатув берган ўз дўстлари ва танишларини «таниёлмай қолгани»ни айтди. Аввал хабар берилганидек, таниқли самбочи ва Нукус олимпия захиралари коллежи директори Азамат Турданов ўз кўрсатмасида Тажимуратовни фирибгар ва жиноятчи деб атаган эди. Бир қатор бошқа судланувчилар июль бошида бўлиб ўтган ғалаёнлар учун Тажимуратов айбдорлигини таъкидлади.

Даулетмурат Тажимуратовнинг айтишича, унинг Турданов билан муносабатлари худди ака-укаларникидек эди, у ҳатто Тажимуратовга исмини айтиб эмас, балки «ажаға» (ака) деб мурожаат қилган. Тажимуратовнинг сўзларига кўра, улар Турданов билан етти киши бўлиб мунтазам кўришиб туришган, бу етти кишининг беш нафари «лавозимли одамлар» эди.

Журналист Лолагул Каллиханова билан у яқинда, ўз блогерлик фаолиятини бошлаган вақтида танишган. Улар ўртасида ҳеч қандай жиноий тил бириктирув бўлмаган, сўнгги бир йил давомида эса мулоқот ҳам бўлмаган, деди Тажимуратов.

Қорақалпоғистон ИИВ ходими Пўлат Шамшетов билан эса, Тажимуратовнинг сўзларига кўра, 2011 йилдан бери таниш. Оғир вақтларда улар бир-бирини қўллаб-қувватлаб турган. Тажимуратовнинг айтишича, Шамшетов лавозимидан келиб чиқиб, сиёсий мавзуларда гапирмасликни маъқул кўрган.

Тажимуратов бошқа судланувчиларга ҳам қисқача тавсиф бериб, уларнинг бари унга қарши гувоҳлик бераётганини қайд этиб ўтди.

Шундан сўнг Тажимуратов 17−18 июнь кунлари халқ орасида Қорақалпоғистоннинг суверенитетини бекор қилиш бўйича референдум ўтказилиши ҳақида миш-мишлар тарқалгани ҳақида гапириб берди. У 19 июнь куни сенатор Улуғбек Жалменовга қўнғироқ қилган. Сенатор уни мақтай бошлаган. Тажимуратов ундан референдум режалаштириляптими ёки йўқ, шунга аниқлик киритишни сўраган.

Тажимуратовнинг сўзларига кўра, Жалменов референдум бўлишини тасдиқлаб, бу яхшиликка эканини ҳам қўшимча қилган. У, шунингдек, Конституцияга Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон бир бутун мамлакат экани ва Қорақалпоғистон Ўзбекистоннинг ҳимояси остида бўлиши ёзиб қўйилишини ҳам айтиб ўтган. Тажимуратовнинг ҳайрон қолганига жавобан, сенатор шундай давом этган: бу Оролбўйи минтақаси, Ўзбекистон шу минтақа ҳақида қайғуряпти.

«Энди нима қилмоқчисиз, фикрингиз қандай бўлди, дедим. Ҳамма қўллаганидан кейин, мен нима ҳам дердим, деди. Улуғбек оға, келажак авлодга нима деб жавоб берасиз, дедим. Мен буни кўтара олмайман, деб айтдим», — дейди Тажимуратов.

Шундан сўнг ДХХга бориб, «шунақа гаплар бўлаётган экан, ростми-ёлғонми» деб Жалғас Жумабековдан сўраган. У бундай гаплар йўқлигини айтган. «У мени тинчлантирди», — дейди Тажимуратов.

«Қарасам, 24 июнь куни шундай ўзгариш бўлади, деб чиқди (аслида ўзгартишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган — таҳр.). Мен ҳайрон бўлдим. Уйга бориб, бу нарса яхши эмас, мен яқинда бу масалани кўтараман, қамаламан», — деди Тажимуратов.

Айтишича, у адвокатлар учрашувини ташкиллаштирган. 1 июль куни учрашув ҳақида видеони эълон қилган. Кейинроқ «онасининг ҳурмати учун» видеони ўчириб ташлаган. Кейинроқ бу видеони, унинг сўзларига кўра, Лолагул Каллиханова эълон қилган. У бошқа одамлар орқали Лолагулга видеони ўчириш кераклиги, акс ҳолда қамалиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хабарни етказишга уринган.

1 июль куни жума намозидан сўнг Тажимуратов шундоққина масжид олдида баёнот билан чиқиш қилган. У ўз баёнотида 5 июль куни қонуний митинг ўтказиш учун рухсат сўраб мурожаат қилишини айтган (бу ҳақда аввал хабар берилган эди) ва уни «қорақалпоқларга бош» қилишни сўраган.

Бундан аввал, 30 июнь куни эса, ўзининг таъкидлашича, Жўқорғи Кенгесда бўлган. Айтишича, учрашув уюштириш ҳақида Қорақалпоғистон парламентининг ўша вақтдаги раҳбари Мурат Камаловнинг ўзи кўрсатма берган. Учрашувда қўмита раисларидан бири Зуҳра Реимова, сенатор Жалменов, Тажибай Романов ва Ботир Матмурадов бўлган. «Мен Ботир Матмурадовнинг чиқиб кетишини талаб қилдим. Кейин Зуҳра Реимовадан бу ўзгаришни ким таклиф қилганини сўрадим, у буни айтолмаслигини билдирди», — деди судланувчи.

Унинг сўзларига кўра, Реимова суверенитетдан воз кечиш тўғрисида референдум ўтказилишини қўллаб-қувватлашини айтган, Романов бўлса ўз фикрини референдумда билдиришини маълум қилган.

Чиқиб кетаркан, у Жалғасдан Мурат Камаловни огоҳлантиришни сўраб, «тўхтамаслигини, давоми урушга айланиши»ни айтиб кетган. «Мени қамасангизгина қутуласиз, дедим», — дея ўз сўзларидан иқтибос келтирди у.

Тажимуратов судья Бахрам Қитайбеков билан бўлган суҳбат ҳақида гапириб берди (Қитайбеков Ўзбекистон Конституциясини ислоҳ қилиш бўйича конституциявий комиссияси раҳбари Олий Мажлис депутати Акмал Саидов иштирокидаги мажлисда қатнашган). Тажимуратовнинг сўзларига кўра, Қитайбеков Саидовдан Қорақалпоғистоннинг суверенитетидан воз кечиши ҳақидаги ғоя кимдан чиққанини сўраган. Депутат, унинг сўзларига кўра: «Бу фикр ўзингиздан чиққан», деб жавоб берган.

Акмал Саидовнинг гўёки айтишича, унга Қорақалпоғистон ўз суверенитетидан воз кечиши ҳақидаги хат келиб тушган. У жавоб хати ёзиб, унда бу Қорақалпоғистоннинг ўз ички масаласи эканини кўрсатиб ўтган. Сўнг Жўқорғи Кенгесдаги Зуҳра Реимовадан бошқа хат келган, унда ҳам, гўёки, суверенитетдан воз кечиш ҳақида сўралган. Саидов янги жавоб хати ёзган: «Бу бизнинг ваколатимизга кирмайди, қарорни ўзингиз қабул қилинг».

Қитайбеков навбатдаги саволни берган: «Бизда митинглар сабаб қанчадан-қанча одамларни қамашди, сиз бу воқеаларга қандай баҳо берасиз?». Саидов гўёки шундай жавоб берган: «Мен сизни тушунмай қолдим. Суд раиси ўринбосари экансиз, ўз қўлингиздаги масала-ку бу. Мен сиздан қамашни сўрамаяпман, қамаманг, қўйиб юборинг. Ички ишлар органлари қамашга ҳақли эмас, қамаш деганингиз нимаси?».

Тажимуратовнинг таъкидлашича, судьядан бас қилишни сўрашганига қарамай, судья Акмал Саидовга учинчи саволни ҳам берган. Савол нима учун Жўқорғи Кенгес қарори «ноқонуний» ўтказилгани, нима учун журналистлар бундан бехабар қолгани ҳақида бўлган. «Депутатлар ҳаммаси қарор қабул қилган. Депутатлар буни имзолаган. Қалбаки-ку», — деган судья гўёки. Саидов бунга ҳам жавоб берган, аммо Тажимуратов унинг жавоблари ҳақида гапирмади.

«Менинг қўлимда ахборот бор. Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетидан воз кечиш тўғрисидаги қарор бўйича хулосани Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси Парахат Айтниязов берган. Хулосада шундай сўзлар бор: бизга, Қорақалпоғистонга суверенитет керак эмас, биз [Ўзбекистон билан] бир мамлакатмиз, аждодларимиз бир, илдизимиз бир», — деди Даулетмурат Тажимуратов.

«Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири Сайлаубай Мамбетқадиров хулоса берган. Қатъий бўлмаган хулоса… Ички ишлар вазирлиги ва ҳоказо. Ҳаммаси жўнатган. Жўқорғи Кенгес ҳаммасини тасдиқлаб берган», — дея қайд этди у.

Судланувчининг маълум қилишича, у сенатор Ўрал Атаниёзовага қўнғироқ қилган: «Қаерга қараб ўтирибсиз, опа, дедим. Сизга ишониб ўтирибди-ку халқ, дедим». Сенатор гўёки шундай жавоб берган: «Даулетмурат, Жўқорғи Кенгесда мажлис ўтган вақтда барча кнопкаларда „ҳа“, „ҳа“, „ҳа“ деган нарса бўлган. Масалан, мен қаршиман деб боссам ҳам таблода барибир „ҳа“ деган сўз чиқади».

«19-санада мажлис, 30-сессия бўлди, деди у. 30-сессияда депутатларнинг ҳаммаси розимиз деди. Мен нима қилай, Даулетмурат», — дея сенаторнинг сўзларидан иқтибос келтирди. Тажимуратовнинг «Энди нима қилиб ўтирибсиз?» деган саволига, сенатор гўёки шундай жавоб берган: «Даулетмурат, мен халқ учун ўлишга ҳам розиман, бироқ ўлимдан фойда йўқ».

«Фойдаси йўқ бўлса, гапиришсин, президентга мурожаат қилинг, бошқа чоралар кўринг, Ўрал опа», — деб гапирган Тажимуратов сенаторга.

Шундан сўнг у 1 июль куни видеони эълон қилган. Унда, Тажимуратовнинг сўзларига кўра, шу гапларни айтган: «Мен шу пайтгача шунча иш қилдим, деб юрсам, ҳеч нарса қилмаган эканман. Бугун Қорақалпоғистон суди раҳбари Бахрам [Қитайбеков], юрист бўла туриб, лавозимидан воз кечди. Ҳаммаси аён бўлди. Яъни референдумда суверенитетдан воз кечиш ғояси ўзимиздан чиққан бало экан».

Видеони эълон қилгач, Тажимуратовнинг айтишича, интернет ишламай қолган. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда унинг гей экани ҳақида видео пайдо бўлган (у бу видеони сохта деб атади). Яна бироз вақт ўтгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари келиб, уни уйидан олиб кетган.

Тажимуратов ўз кўрсатуви давомида уни қўлга олишганидан сўнг дўппослашганини маълум қилди. Шундан сўнг, кўчага одамлар чиқиб кетганини айтиб, халқни тинчлантириш учун уни одамларнинг олдига олиб боришган. У одамлар Жўқорғи Кенгесга қандай келгани, Азамат Турданов уни елкасида қандай кўтариб юргани (бу ҳолат айбловда ҳам тилга олинган), у ярим тунда қандай қилиб уйига етиб келгани ҳақида гапириб берди.

У уйига келганида, таъкидлашича, ташқарида «ўқ овози, отишма овози» эшитилаётган бўлган. У яширинишга муваффақ бўлганини айтди. У танишлари Мадиёр ва Руслан Ибрагимовларнинг уйига (аввалроқ уларнинг вафот этгани ҳақида хабар берилган эди), кейин бошқаларникига борган. Жўқорғи Кенгес раиси билан учрашишга ҳаракат қилган. 4 июль куни эса у топилиб, қўлга олинган. Тажимуратов уни ва Азамат Турдановни қандай дўппослаб, сўнг Хоразмга олиб кетишгани ҳақида сўзлаб берди.

Швециянинг «Марказий Осиё уюшмаси» нодавлат ноҳукумат ташкилоти директори Гулноз Мамарасулова (у Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича парламент комиссияси аъзоси) Тажимуратовнинг суддаги чиқиши якунлари бўйича «Газета.uz»га берган интервьюсида судланувчининг қўлга олиш вақтидаги қўпол муносабат ва босимлар ҳақидаги баёнотлари прокурорлар ва тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилишини айтиб ўтди. Айни вақтда, унинг қайд этишича, комиссия аъзолари у билан Урганчда учрашган вақтда терговчилар унга мақбул муносабатда бўлаётганини билдирган эди.

Аввалроқ Даулетмурат Тажимуратов кўрсатувининг аввалида судга Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг собиқ (Мурат Камалов) ва амалдаги (Аманбай Оринбаев) раисларини гувоҳ сифатида чақириш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилди. У, шунингдек, Мудофаа вазирлигига Нукус воқеалари вақтида ўқотар қурол қўллангани бўйича суд сўровини юбориш ҳақида ҳам илтимоснома киритди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.