Савдо билан шуғулланувчи корхонага қурилиш қилиши учун тендерсиз маблағ топширилган

Фото: repost.uz

Тошкент шаҳар ҳокимияти “Ягона буюртмачи хизмати ИК” ДУК Нукус шаҳри ва шимолий туманларда оғир шароитдаги оилаларга тегишли уйларнинг том қисмини таъмирлаш ва авария ҳолатдаги уйларни янгидан қуриш ишларини амалга ошириш учун “AGRO FOOD NUKUS” МЧЖ билан танлов яъни тендер савдоларисиз, тўғридан-тўғри шартнома тузган. Шартноманинг умумий қиймати – 55,6 млрд сўмни ташкил этган.

“Тошкент шаҳар ҳокимияти “Ягона буюртмачи хизмати ИК” ва “AGRO FOOD NUKUS” МЧЖ ўртасида махсус ахборот порталга танлов ўтказиш бўйича эълон жойлаштирилмасдан, харид қилиш тартиб-таомилларини электрон шаклда рўйхатдан ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2-февралдаги 52-сонли қарори ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг 2023 йил 7-июлдаги мажлис баёни асос бўлган”, – дейилади хабарда.

“AGRO FOOD NUKUS” МЧЖ — ихтисослашмаган дўконларда асосан озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан ичимликлар, ва тамаки маҳсулотлари чакана савдоси фаолиятини амалга оширади. Устав капитали – 10 млн сўм. Шунингдек, соҳавий қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингида мазкур корхонага оид маълумотлар топилмаган. Яъни, “AGRO FOOD NUKUS” МЧЖ аввал ҳам, ҳозир ҳам қурилиш ишлари фаолияти билан шуғулланмаган ва улар бундан бехабар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.