Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилади
18 июль куни Президентнинг “Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 265-сонли Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини қўшиб юбориш орқали уларнинг негизида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ташкил этилади.
Муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
2024/2025 ўқув йилидан Университетда Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади. Бунда, йирик ишлаб чиқариш корхоналари Илғор муҳандислик мактабига саноат ҳамкори сифатида бириктирилади.
2025/2026 ўқув йилидан:
- Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юборилади;
- Университетнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига ўқишга қабул қилинган иқтидорли талабалар учун хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этилади.
- Университетга халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш ҳуқуқи берилади.
- Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.
Шарҳлар