Термиз ҳайвонот боғида ҳайвонлар учун электрон паспорт тизими йўлга қўйилмоқда

Фото: Минэкологии

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг тегишли буйруғига асосан Термиз ҳайвонот боғида сақланаётган Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция (CITES) иловаларига киритилган ҳайвонлар чиплаштирилиб, улар учун электрон паспорт тизими йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати ёзяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 171-сонли қарори билан Тошкент, Фарғона ва Термиз ҳайвонот боғлари Экология вазирлиги тасарруфига ўтказилган эди. Ҳайвонот боғларининг моддий-техник базасини яхшилаш, сақланаётган ҳайвонларни асраб-авайлаш, уларнинг сонини кўпайтириш мақсадида эса Экология вазирлиги томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Ҳайвонларнинг реэстери юритилиб, электрон паспорт тизими йўлга қўйилиши жараёнида жониворлар ҳақидаги барча маълумотлар ягона электрон базага киритилади. Бу эса ушбу ҳайвонларнинг муҳофаза этилишини мунтазам назорат қилишга имкон беради», – деди Экология вазирлиги Биохилмахиллик сиёсатини юритиш бўлими бошлиғи Абдурашид Содиқов.

Дастлаб 4 бош ёввойи ҳайвон, қушлардан 2 та Ўзбекистон Қизил китобига киритилган оқ бошли қумой, чўл бургути ҳамда туёқлилардан 2 бош ҳайвон – морхўр, Бухоро тоғ қўйига чиплар ўрнатилди.

Маълумот учун, бугунги кунда Термиз ҳайвонот боғида жами 488 бош ноёб ҳайвонлар сақланмоқда. Шундан йиртқичлар 40 бош, судралиб юрувчилар 84 бош, туёқлилар 47 бош ҳамда қушлар 317 тани ташкил этади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.