Фарғонада тадбиркор аёлнинг муаммолари ижобий ҳал этилмадими

Интернет ижтимоий тармоқларида тадбиркор аёлнинг муаммолари ижобий ҳал этилмаётганлиги ҳақида тарқалган мурожаати Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди, деб ёзмоқда ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар Сайилгоҳ кўчасидаги 47-уй ёнида жойлашган ер майдони шаҳар ҳокимининг қарори билан фуқаро Б.Х.га бириктирилган бўлиб, 2018 йилда мазкур ер майдонини фуқаро Ш.Л. ижарага олиб, бу жойда ширинликлар дўкони ташкил қилган.

“Фуқаро Ш.Л. 2020 йил февраль ойида ўзи фойдаланиб келаётган савдо дўконини ҳар ойда 15 миллион сўмдан пул бериш эвазига бошқа бир фуқаро Ш.Ж.га ижарага берган. Бироқ кейинчалик ижара пулларини тўлаш масаласида Ш.Ж. ва Ш.Л. низолашиб қолган. 2020 йил март ойида Ш.Ж. мазкур жойдан ўзига тегишли буюмларни олиб чиқиб кетган”, – дейилади хабарда.

Аммо Ш.Л. ижара пулларини тўлиқ олмаганлиги сабабли, 18.03.2020 йилда 12.000.000 сўмлик буюмлар ўғирлаб кетилганлиги ҳолати бўйича ИИОга мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, Ш.Л.ни барча келтирган важлари тўлиқ текшириб чиқилган.

Тергов натижасига кўра бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли, 24.12.2023 йилда жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси тартибида тугатилган.

Фуқаро Ш.Л.га етказилган моддий зарар ҳамда Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ер-жойни ижара масаласида юзага келган барча низоларни фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш орқали қонуний ҳал қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.