Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ҳибсга олинди

Источник: УзА

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, ва яна олти мансабдорни ҳибсга олди. Бу ҳақда “Газета” нашри ёзади.

Собиқ ҳоким билан бирга ҳокимнинг собиқ биринчи ўринбосари Ғайрат Эламанов, ҳокимнинг қурилиш бўйича собиқ ўринбосари Шуҳрат Раҳмонқулов, шаҳар архитектори, «Яшил дунё» савдо мажмуаси лойиҳачиси, раҳбари ва қурувчиси ҳибсга олинди. Бироқ улар тергов сири бўлганлиги сабабли ҳозирча гумондорлар қайси моддалар асосида ҳибсга олингани маълум қилинмаган.

Мансабдорлар ҳибсга олинганига аниқлик киритиш мақсадида «Газета.uz» мухбири Термиз шаҳрида жойлашган 9-сонли тергов ҳибсхонасида бўлди. Юқоридаги хабарни колония ходимлари ҳам тасдиқлаган.

Ҳокимликка яқин манбаларнинг маълум қилишича, Исроил Худойбердиевга Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Эламановга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддасининг «а» банди билан (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айблов эълон қилинган. Собиқ ҳоким қамоққа олинганидан бир неча кун ўтгач, у ҳам эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, 2017−2018 йилларда ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари сифатида ишлаган Шуҳрат Раҳмонқулов ҳам қамоққа олинган ва жиноят ишига жалб қилинган.

Манбалардан олинган маълумотларга кўра, улар «Yashil dunyo» савдо мажмуаси қурилиши даврида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Буни собиқ ҳоким Исроил Худойбердиевнинг адвокати ҳам тасдиқлади ва пуллар шаҳардаги кўплаб камчиликларни бартараф этишга сарфланганини таъкидлади.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Термиз шаҳар ҳокимлигининг бошқа мансабдор шахслари ҳамда «Yashil dunyo» мажмуасида савдо дўконлари мавжуд тадбиркорлар ҳам жиноят иши бўйича олиб борилаётган тергов доирасида сўроққа чақирилмоқда ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда, – дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.