Термизда афғон фуқаролари учун ЕИ билимлар маркази очилди

Источник: ПРООН в Узбекистане

Бугун Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан Хоним ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матильда Димовска хоним янги ташкил этилган Европа Иттифоқи билимлар марказини очиш учун Термиз шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига БМТТД матбуот хизмати хабар беради.

“Сурхондарё вилоятининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва тайёрлаш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш” ташаббуси доирасида молиялаштирилаётган мазкур марказ Европа Иттифоқи, БМТТД ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инноватсиялар вазирлиги ҳамкорлигидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир. Мазкур ҳамкорликнинг аҳамияти тўғрисида гапириб, Ш.Адриан хоним шундай деди:

«Европа кўникмаларни ривожлантириш йилида Европа Иттифоқи ҳозирги оғир шароитга қарамай, Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашда давом этади. Мазкур янги ташаббус кенг қамровли саʼй-ҳаракатларимиз доирасида илгари сурилган бўлиб, Ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг мурожаатига асосланган. Ташаббус Ўзбекистон ҳукумати ва Европа Иттифоқининг афғон фуқароларини уларни қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра кўчирилгани ва ўз ватанидан узоқда бўлишига қарамай қўллаб-қувватлаш ғоясига содиқ эканининг тасдиғи ҳисобланади. Умид қиламизки, бизнинг узоқ муддатли ҳамкоримиз бўлган БМТТД томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Ўзбекистонда истиқомат қилаётган афғон фуқаролари турмуш шароитларини яхшилаш ва оила тебратиш учун ёрдам берадиган янги билим ва кўникмалар орттиришини таʼминлайди».

«Бугун биз Европа Иттифоқи ва БМТТДнинг қўшма ғояси ҳаётга татбиқ этилганига гувоҳ бўлиб турганимиздан мамнунмиз. Биз ушбу Европа Иттифоқи билим марказини Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистондаги келгуси ютуқлари учун трамплин бўлиб хизмат қилади деган умидда фойдаланишга топширмоқдамиз. Биз Ўзбекистонда яшовчи афғон фуқароларининг манфаатларини таъминлаш учун имкониятлар яратиш бўйича ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан ва уч томонлама ҳамкорликнинг бир қисми бўлганимиздан фахрланамиз», – дейди Матильда Димовска.

Европа Иттифоқи билимлар маркази замонавий коворкинг майдони ҳисобланади. У 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг (АФЎТМ) салоҳиятини янада кучайтиради.

Европа Иттифоқи билимлар маркази жамоада ишлаш, мустақил таʼлим олиш ва профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун платформани тақдим этади. Ўқув хоналарининг кўплиги афғон талабаларига тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ёрдам беришдан манфаатдор бўлган хусусий сектор вакиллари билан гуруҳлардаги муҳокамалар ва фикр алмашинувларини ўтказиш имконини беради. Амалга оширувчи шерик – БМТТД Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган молиявий ресурслар ёрдамида Марказни энг янги АТ-ускуналари, офис жиҳозлари ва энг сўнгги дастурий таʼминот билан жиҳозлашга муваффақ бўлди

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.