“Тез ёрдам”га йўл берган ҳайдовчининг жаримаси бекор қилинди
Кўп ҳолларда баъзи ҳайдовчилар “103” автомашинаси чақирув сигналини ёқиб турса-да бунга парво қилмайди. Айрим фуқаролар эса “Тез ёрдам”га йўл берса, жарима қоғози келишидан хавфсирайди. Қонунчиликка кўра, махсус имтиёзли автомашиналарга тақиқланган белгида йўл берган шофёрлар жаримага тортилмайди.
Кеча пойтахт кўчаларининг бирида шундай ҳолат содир бўлди. Ҳайдовчи Чилонзор тумани Катта Ҳирмонтепа кўчаси 48-уй қаршисида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ўзининг “Cobalt” русумли автомобилида тўхтаб турган пайт ортдан келган “Тез ёрдам” автомашинасига қоидани бузиб ҳолатда йўл берган.
Орадан икки кун ўтгач, унинг яшаш манзилига жарима қоғози борган.
«Махсус база орқали текширилганда ушбу фуқаро ўз автотранспорт воситасида светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида тўхтаб турган вақт “Тез ёрдам” автомашинасига йўл бергани аниқланди. Шу сабабли ҳолат ўрганилиб, ҳайдовчи қоидани бузган бўлса ҳам жарима жазоси ўрнатилган тартибда бекор қилинди. Шунингдек, ўз фуқаролик бурчини виждонан бажарган ушбу фуқаро бошқармамиз томонидан тақдирланди», – дейди Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов.
Шарҳлар