Рамзан Қодиров Грознийда янги туман ташкил этиб, унга Путиннинг номини бермоқчи

Foto: “RIA Novosti”

Чеченистон пойтахти Грознийда янги туман ташкил этилади ва унга Россия президенти Владимир Путиннинг номи берилади. Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилди, деб ёзади “Коммерсантъ”.

15 февраль куни у шаҳар марказий қисмидаги ишларнинг бориши билан танишди. “Бу ерда катта кўламли қурилиш бўляпти, у тугагач, янги туман таъсис этилади. У бизнинг миллий етакчимиз, замонамизнинг энг атоқли сиёсий арбоби, Россия президенти Владимир Путиннинг номи билан аталади”, — деб ёзди Қодиров Telegram’да.

Унинг сўзларига кўра, туман 200 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди. У ерда 130 та кўп хонадонли уйлар, шунингдек, масжидлар, болалар боғчалари ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари бўлади.

Нашр эслатишича, 2008 йилда Грознийнинг марказий шоҳкўчасига Путин номи берилган эди. Бундан ташқари, Грознийдаги тўртта туман 2020 йилда Чеченистон миллий қаҳрамонлари шарафига қайта номланган бўлиб, булар — Ахматовский, Байсангуровский, Шайх-Мансуровский ва Висаитовский туманларидир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.