Зеленский Украинада тиббий марихуанани қонунийлаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади

Foto: Ukraina prezidenti ofisi

Украина президенти Владимир Зеленский тиббий мақсадларда каннабисни қонунийлаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб ёзади Meduza.

Ҳужжатга мувофиқ, тиббий мақсадлардаги марихуанани фақат юридик шахслар етиштириши мумкин. Ишлаб чиқариш жойларида кеча-ю кундуз видеокузатув олиб борилади, полиция эса қайдларни қўлга киритиш имкониятига эга бўлади. Тиббий каннабис асосидаги дорилар шифокорнинг электрон рецепти бўйича сотилади.

Шунингдек, қонунда қайд этилишича, марихуананинг асосий таъсир қилувчи воситаси — тетрагидроканнабинолнинг тиббий каннабисдаги миқдори “0,3 фоизга тенг ёки ундан ошади”.

Қонун 16 февраль куни кучга киради, унда тўлиқ фойдаланиш эса ярим йилдан кейин бошланади.

Украина ҳукумати тиббий мақсадлардаги каннабисни қонунийлаштириш заруриятини бундай дорилар посттравматик стресс бузилишига учраган ҳарбийлар реабилитацияси учун талабгир экани билан изоҳлаганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.