Тезюрар поездларга чипта нархларини бозор белгилайдиган бўлди

Фото: wikipedia

2024 йил 1 январдан Ўзбекистонда ўта тезюрар ва тезюрар йўловчи поездларининг чипта нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади ва уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш механизми жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 10 октябрдаги “Темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган, деб ёзади «Газета.уз» нашри Адлия вазирлигига таянган ҳолда.

2024 йил 1 январдан бошлаб юк вагонлари ва контейнерларини етказиб бериш бўйича тарифларни ҳам давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади.

2025 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий йўналишларда  йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарлар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация ҳамда темир йўл транспортида юк ташиш хизматларига чегирмалар жорий этилади (ўта тезюрар ва тезюрар поездлар бундан мустасно).

Келгуси йилдан бошлаб маҳаллий, экспорт ва импорт темир йўл юклари учун тарифлардаги чегирмалар ҳам бекор қилинади. Улар фақат ҳукумат қарорлари асосида тақдим этилади. Икки ёки ундан ортиқ хорижий давлатларнинг темир йўл маъмуриятлари билан тузилган шартномалар асосида бериладиган чегирмалар бундан мустасно.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.