Ўтган олти ойда кўчмас мулк савдоси 5,7 фоизга қисқарди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида содир бўлган ўзгаришларни таҳлил қилди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг июнида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони камайиб, жами 20,2 мингтани ташкил қилган.
Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича кўчмас мулк бозорида умумий савдолар ҳажми 5,7 фоизга пасайди. Аммо ҳудудий кесимда вазият бир турли бўлмаган динамика билан характерланади. Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида фаоллик ошгани қайд этилган.
Таҳлил кўчмас мулк бозори беқарорлиги ва қисқа муддатли тебранишларига ишора қилмоқда. Хусусан, бир ой давомида фаоллик 6,4 фоизга пасайиб, икки ойлик ижобий динамика ўрнини эгаллади. Май ойида сотувлар 9 фоизга, апрель ойида эса 11 фоизга ошган эди. Йил давомида сотувлар деярли 14 фоизга пасайди.
Июн ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларнинг энг кўп пасайиши Сирдарё, Бухоро ва Андижон вилоятларида кузатилган – мос равишда 21 фоиз, 20 фоиз ва 16 фоиз.
Республиканинг аксарият ҳудудларида сотувлар пасайишига қарамасдан, Тошкент шаҳрида ижобий динамика сақланиб қолган. Ҳисобот даврида пойтахтда фаоллик деярли 5 фоизга ўсган.
Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайган. Мазкур пасайиш айниқса, Навоий вилоятида сезиларли бўлиб, операциялар 26,5 фоизга қисқарган. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида 10,6 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, бир қатор ҳудудларда ижобий динамика қайд этилган. Хусусан, 6 ой ичида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда энг кўп ўсиш Андижон (12,7 фоиз), Хоразм (8,3 фоиз) ва Қашқадарё вилоятларида (6 фоиз) кузатилган.
Шарҳлар