Ўзбекистон ва Италия «The Samarkand express» ҳашаматли сайёҳлик поезди қатновини йўлга қўяди

Фото: Саида Мирзиёева

III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Arsenale Group» Бош директори Паоло Барлетта ва Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

«Италия томони туризм ва логистика соҳасида яқин ҳамкорлик қилиш бўйича катта қизиқиш билдирди. Умид қиламанки, таклиф этилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизга сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш ва Ўзбекистон салоҳиятини бутун дунёга танитиш имконини беради», – дейилади хабарда.

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Италиянинг «Arsenale Group» компанияси ўртасида ушбу туристик поезд лойиҳаси бўйича ҳужжат имзоланди.

«The Samarkand express»нинг ишга туширилиши Ўзбекистонда туризм учун янги имкониятлар очади, унутилмас ҳиссиёт ва таассуротлар излаётган хорижий саёҳатчиларни жалб қилади. Поезд нафақат транспорт воситаси, балки йўловчиларга қадимий ва замонавий Ўзбекистон тарихи, анъаналари ва турмуш тарзи билан танишиш имкониятини берувчи маданий алмашинув платформаси бўлади.

«Лойиҳа туризмда, кичик ва йирик бизнес соҳаларида янги иш ўринлари яратиш орқали мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади. Ушбу лойиҳа туризмни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликнинг муҳим ўрин эга эканини ифода этади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга, бутун дунёдан VIP сайёҳлар эътиборини жалб қилишга ва унинг Марказий Осиёдаги энг қизиқарли туризм йўналишларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади», – дейилади хабарда.

«The Samarkand express» – йўловчиларга мислсиз қулайликлар ва бетакрор саёҳат таассуротларини тақдим этадиган ҳашаматли поезддир. Йўловчилар кенг ва нафис купелар, сархил таомлар, юқори даражали хизмат кўрсатиш ва гўзал Ўзбекистон ландшафтларининг ҳайратланарли манзараларини тақдим этувчи панорамали ойналардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.