Тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштириб қўйишнинг баҳоси қанча

Фото: Department_uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тўрткўл туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли марказ бўлими бекаси Б.А. фуқаролар Х.Н. ва Н.И.нинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 2 400 АҚШ доллари эвазига ушбу тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, шундан 200 АҚШ долларини қўлга киритиб, қолган 2 200 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.  Бу ҳақда Департаментнинг ахборот хизмати хабар қилмоқда.

«Департамент ҳамда ДХХнинг Амударё тумани бўлимлари томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона навбатчи акушери Ш.Х. фуқаро Г.Й.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ушбу тиббиёт бирлашмасига ҳамшира вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», – дейилади хабарда.

Шунингдек, Департаментнинг Тахиатош туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Кўз микрохирургияси маркази минтақавий филиалига қарашли маслаҳат поликлиникаси бекаси А.Д. фуқаро Н.Н.нинг ишончига кириб, уни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Нукус шаҳридаги поликлиникага ҳамшира вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 10 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Уйчи туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса, Наманган шаҳридаги оилавий поликлиника ҳамшираси Н.Р. фуқаро Ё.Ў.ни ушбу поликлиникага ишга киритиб қўйиш эвазига 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.