ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси: Сайлов куни тинч ўтди, лекин қатор қоидабузарликлар бу жараёнга доғ туширди

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси: Сайлов куни тинч ўтди

Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги такомиллашгани ва сўз эркинлигига ҳурмат ошгани қувонарли ҳолат, бироқ бу мухолиф сиёсий партияларнинг мавжуд эмаслиги, фундаментал ҳуқуқлар борасида давом этаётган эътиборсизликлар ва сайлов кунидаги айрим жиддий қоидабузарликлар ўрнини қоплай олмади, – дейди ЕХҲТ ДИИҲБ бугун чоп этган дастлабки баёнотда.

ЕҲҲТ ДИИҲБ сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгартиришлар Ўзбекистонни барча ЕХҲТ мамлакатлари ўз зиммасига олган халқаро меъёрларга яқинлаштирган, деган хулосага келди.

«Шу билан бирга, демократик сайловлар учун муҳим бўлган фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларга доир қонунчиликда ҳанузгача ҳаддан зиёд чекловлар мавжуд. Эркин уюшиш борасидаги асосий ҳуқуқ, шу жумладан сиёсий партия тузиш ҳуқуқи чекланганлигича қолмоқда.

Сайловларга самарали тайёргарлик кўрилди, сайловчиларни сайловлардан хабардор қилиш бўйича мунтазам ахборот кампанияси олиб борилди. Сайлов куни тинч ўтди, лекин қатор қоидабузарликлар, шу жумладан бошқалар номидан овоз бериш ва овоз санашнинг асосий талабларига риоя этилмаганлиги бу жараёнга доғ туширди», – дейилади хабарда.

Миссиянинг қайд этишича, айни вақтда, аёллар жамият ҳаётида ва сиёсатда етарлича ўрин олмаган.

“Кеча парламентга сайланиш учун иштирок этган номзод аёллар сони мисли кўрилмаган даражада бўлди, бу Ўзбекистондаги бўлиб ўтаётган ўзгаришларга ишора бўлса керак, – дейди ЕХҲТ ПА делегациясининг раҳбари Кари Ҳенриксен. – Бу сайловлар аввалгиларига қараганда анча очиқ ўтган бўлса ҳам, сайловчилар танлови учун тақдим этилган муқобил таклиф жуда чекланган эди. Ўзбекистон раҳбариятда мен кўрган ислоҳотларга содиқлик тез орада бутун жамиятни қамраб олишига умид қиламан”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.