Рамзан Қодировнинг қизи Донецк халқ республикаси ордени билан тақдирланди

Foto: “RIA Novosti”

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тўнғич қизи Айшат Донецк халқ республикаси (ДХР) ордени билан тақдирланди, деб ёзади “РБК” республиканинг миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Ахмед Дудаевга таяниб.

Вазир қайд этишича, Айшат Қодирова минтақага гуманитар миссия билан шахсан ташриф буюрган, олд фронтдаги чеченистонлик жангчиларни кўргани борган ва ДХРнинг эҳтиёжманд аҳолисига ёрдам бериш учун делегация юборган.

Айшат Қодирова 25 ёшда. 2020 йил сентябрида Чеченистон раҳбари ўз қизини маданият вазири ўринбосари этиб тайинлади, бир йилдан кейин у вазир бўлди, кейинроқ эса Чеченистон ҳукуматининг ижтимоий блок бўйича раиси ўринбосарига айланди.

2021 йил декабрида у “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганлик учун” медали билан тақдирланди. Кейинчалик “Чеченистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилди.

2023 йил сентябрида Қодирова Россия маданияти ва санъатига қўшган ҳиссаси, шунингдек, “кўп йиллик самарали ижодий фаолияти” учун “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени медали билан мукофотланди.

Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодировнинг яна бир қизи Хадижат аввалроқ Чеченистон раҳбари ва ҳукумати маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

Ўғли Адам Қодиров эса республика раҳбари хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.