Тикланадиган энергия манбалари импортида божхона тўловларини тўлашни кечиктиришга йўл қўйилади

Солнечные панели
Фото: Бобур Каримов/Anhor.uz

“Қайта тикланадиган энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этишни тартибга солиш ва ривожлантириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Божхона қўмитаси 2024 йил 1 февралгача “Яшил энергия” ахборот тизимини тўлиқ функционал режимда ишга туширади ва уни Энергетика вазирлигига топширади.

Қуйидагиларга рухсат берилади:

– қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларини олиб киришда божхона тўловларини фоизларни ундирмасдан, 120 кун муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш;

– ушбу импорт фаолиятини 3 йилдан ортиқ амалга оширувчи, божхона тўловлари бўйича ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажарувчи тадбиркорлар томонидан божхона тўловларини таъминлашдан фойдаланмасдан, божхона тўловларини 6 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш.

Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан охирги уч йилда тўланган божхона тўловлари миқдори тўлаш муддати узайтириладиган сумманинг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

2024 йил 1 мартдан бошлаб техник ҳужжатлари ёки ёрлиғида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини акс эттирувчи тегишли «А», «Б», «С» ва «Д» синфлари тўғрисидаги маълумотлар бўлмаган қуёш батареяларини олиб кириш тақиқланади.

Қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган.

Қайта тикланувчи энергия манбалари ва улардаги асбоб-ускуналар, хомашё, бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолаш учун синов лабораторияси ташкил этилади.

Импорт қилувчилар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг ускуналари, хомашёси, бутловчи қисмлари ва эҳтиёт қисмларини сертификатлаштириш учун “Ўзбекистон илмий синовлар ва сифат назорати маркази” ДУКнинг  мувофиқликни баҳолаш органларига ариза юборишлари мумкин бўлади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.