Ўзбекистонда оилалар сариқ, қизил ва яшил тоифаларга ажратилади
Ўзбекистонда камбағаллик бўйича маҳалла рейтинги юритилади. Бу ҳақда президент маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади Spot.
Унда камбағал оилалар улуши, ишсизлик даражаси ҳамда мигрантлар улуши юқори маҳаллалар бўлади. Ҳозирда 1000 та маҳаллада камбағаллик улуши мамлакат даражасидан икки баробар кўп (22−35%). 107 та маҳаллада ишсизлик даражаси 6,8% дан, 169 та маҳаллада хорижда ишлашга кетганлар улуши 9%дан юқорини ташкил этади.
“Камбағаллик даражаси юқори маҳаллаларда алоҳида ёндашув асосида инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантириш, лидер тадбиркорларни жалб қилиш, бу ерга банклар томонидан кичик лойиҳаларни амалга ошириб, маҳаллани камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш топширилди”, — дейди президент маслаҳатчиси.
Бундан ташқари, 8 йўналишдаги саволлар асосида оиладаги барча омиллар ўрганилади. Ҳоким ёрдамчилари ҳамда ижтимоий ходим томонидан хонадонга борган ҳолда 1 ойгача муддат ичида баҳоланади.
Мансурбек Оллоёровнинг қайд этишича, оилани камбағалликдан чиқариш режасини ишлаб чиқишда интеграциялашган хизматлар ташкил этилиб, оилани баҳолаганда бир вақтнинг ўзида соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва бошқа турдаги хизматлар таклиф этилиши кўзда тутилган.
“Бу ерда энг муҳими — камбағалликка тушиб қолган оилани стрессдан чиқариш, хулқ-атворини ўзгартириш, уни ҳаракатга ундаш бўйича алоҳида дастурлар киритиш борасида топшириқлар берилди”, — дейди у.
Оилалар қуйидагича учта тоифага ажратилади:
- Қизил — оғир вазиятдан чиқиб кетиш имконияти паст: меҳнат қилолмайдиганлар — доимий ёрдамга муҳтож бўлганлар;
- Сариқ — оғир шароитдаги оилалар: интеграллаштирилган ижтимоий ёрдам ҳамда хизматлар кўрсатиб, оилага янги имкониятлар яратилади;
- Яшил — камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилалар: ижтимоий муаммолари бартараф этилиб, оилалар даромадини ошириш чоралари кўрилади.
Шунингдек, Оллоёров давлат раҳбари алоҳида республика даражасида комиссия ташкил этиб, камбағалликдан қисқартириш дастурининг амалга оширилишини мониторинг қилиш бўйича топшириқ берганини қайд этди.
Ҳар йили камбағаллик даражаси энг юқори бўлган 50 та маҳалла танлаб олинади. Уларга камида 500 млрд сўм комплекс чора-тадбирлар режасини амалга ошириш учун инвеститсия дастури доирасида маблағлар ажратилади.
Шарҳлар