Ҳиндистонда полиция либосида бўлган шахслар ўзбекистонлик фуқаро пулини ўмариб кетгани айтилмоқда

Фото: Дунё АА

Ҳиндистоннинг «Press Trust of India» ахборот агентлиги ушбу мамлакатнинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция либосида бўлган бир гуруҳ шахслар ўзбекистонлик фуқаро пулини ўмариб кетгани ҳақида маълумот тарқатди, деб хабар беряпти “Дунё” ахборот агентлиги.

“Гуруграм шаҳрининг 53-секторида шанба куни кечки соат 21.00 атрофида меҳмонхонага қайтиб келаётган уч нафар ака-укани полициячилар тўдаси гўёки ҳужжатларни текшириш баҳонасида тўхтатган. Улар сумкаларни кўздан кечириш жараёнида 16 минг АҚШ долларини ўғирлаб, қочиб кетган. Ўзини Б.С. деб таништирган Ўзбекистон фуқароси Гуруграм шаҳрида жойлашган “Artemis” шифохонасига буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун келган”, – дейилади хабарда.

Б.С. ушбу воқеа юзасидан маҳаллий полиция идорасига мурожаат қилган. “Машинадагилар ўзларини полиция ходимлари сифатида таништирди, шахсий гувоҳномаларини кўрсатиб, сумкаларимизни текшириш кераклигини айтди”, деб таъкидланган шикоят хатида.

Ҳозир Гуруграм шаҳрининг 53-сектори полиция бўлими томонидан жиноят қонунчилигининг 379А (тортиб олиш орқали ўғирлик), 419 (ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Элчихона томонидан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар билан мазкур ҳолат юзасидан расмий мулоқотлар ўтказилди, вазият назоратга олинган. Дипломатик миссия ватандошларимизни Ҳиндистонга турли мақсадлар, жумладан, тиббий муолажа олиш ниятида келиш пайтида турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг гапларига ишониб қолмаслик, айниқса, молиявий масалалар билан боғлиқ вазиятларда шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, йирик миқдордаги нақд пул ишлатмаслик, балки банк карталаридан ёки пул ўтказиш амалиётидан кенг фойдаланишга чақиради”, – дейилади хабарда.

Элчихона бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилиши учун зудлик билан қуйидаги воситалар орқали мурожаат қилишни тавсия қилган.

Телефон: +91 11 2467 0774/75

Телеграм-бот: @consuluzbindia_bot

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.