«Толибон» ҳаракати ва Ўзбекистон ҳукумати Термизда темир йўл қурилиши бўйича музокаралар ўтказади
Тез орада “Толибон” ҳаракати ва Ўзбекистон ҳукумати Термизда “Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўл қурилиши бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВнинг матбуот хизмати Қобулда ўтказилган Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегациянинг толиблар билан учрашуви якунлари бўйича хабар беради.
Даставвал Комилов муваққат ҳукуматнинг сиёсий масалалар бўйича раҳбари ўринбосари Мулла Абдул Кабир билан музокаралар ўтказди. Учрашувда иқтисодий масалалар бўйича вице-премьер Абдул Салом Ҳанафий, Афғонистон транспорт ва фуқаролик авиацияси вазир, ижтимоий ишлар, энергетика ва сув хўжалиги вазирлари ҳам қатнашди. Сўнгра ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амирхон Муттакий билан алоҳида музокаралар олиб борилди.
Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоқлари ва “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.
«Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Кобул томонидан қатъий билдирилди. Узоқ вақт давомида Афғонистонда яшаб келаётган ўзбекистонлик юртдошларимизнинг тили ва маданияти янги ҳукумат даврида ҳам ривожланишда давом этади», — таъкидлади Комилов.
Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улкан эътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.
Афғонистон томони Ўзбекистон Президентининг Афғонистон янги ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш чорловини юқори баҳолади.
Шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига “Мозори-Шариф” халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон – Афғонистон чегарасининг узлуксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Шарҳлар