Ўзбекистон шу йил қанча тонна помидор етиштиришни кўзламоқда

Фото: kp.ru

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистонда помидор асосан март-апрель ойларида ва такрорий муддатларда июнь-июль ойларида ҳамда иссиқхоналарда экилади. Жорий йил ҳосили учун ҳудудларда барча тоифа хўжаликлари томонидан жами 117,7 минг гектар, шундан эрта баҳор ойларида 67,9 минг гектар, такрорий муддатларда 46,6 минг гектар ҳамда 3,3 минг гектар иссиқхона хўжаликларида помидор экилган.

“Бугунги кунда иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор ҳажми кўпайган ва мамлакатнинг жанубий вилоятларидан плёнка остида туннель усулида етиштирилган помидор ҳосилининг биринчи улгуржи партиялари бозорга чиққан”, – дейилади хабарда.

Ушбу майдонлардан йил якунига қадар жами 2,7 миллион тонна помидор етиштириш кутилмоқда. Бугунги кунда асосан очиқ майдонларга помидорнинг ТМК-22, Волгоград 5/95, Мадера F1, Истиқлол, Султан F1, Садин Ғ1, Зара F1 навлари экиб, парвариш қилинмоқда ва иссиқхона хўжаликларида “Аламина”, “Пинк парадайс”, “Коммодо” ва “Азра” навлари етиштирилмоқда.

2023-2024 йилларда помидор экспорт ва импорт ҳажми 

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Тожикистон, Украина, Туркманистон, Латвия ва Германия каби кўплаб хорижий давлатларга ўтган 2023 йилда жами 44346,2 минг доллар миқдоридаги жами 57 930,8 тонна помидор маҳсулоти экспорт қилинган бўлса, 91,7 минг долларлик 78,1 тонна помидор импорт қилинган.

Жорий йилда экспорт кўрсаткичи 19 093,3 тонна помидор учун 17 624,3 минг долларни, импорт ҳажми 857,8 тонна маҳсулот учун 789,0 минг доллар миқдоридаги маблағни ташкил этган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.