Томонлар Трансафғон темир йўли қурилиши бўйича музокараларнинг якуний босқичини бошлади
Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон Исломободдаги учрашувда “Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар” Трансафғон темир йўл линиясини қуриш бўйича музокараларнинг якуний босқичини бошлади, – деб ёзади «Газета» нашри “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг матбуот хизматига таяниб.
Томонлар молиялаштиришни жалб қилиш механизмлари, қурилиш, техник тафсилотлар ва амалга ошириш муддатларини муҳокама қилмоқда.
2021 йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида “Мозори Шариф-Қобул-Пешовар” темир йўли қурилиши бўйича йўл харитаси имзоланган эди. Лойиҳани май ойида тайёрлаш, темир йўл қурилишини эса 2021 йил сентябрида бошлаш режалаштирилган эди. Аммо Афғонистонда ҳокимият алмашиши лойиҳани тўхтатиб қўйди. Ўтган йил декабрь ойида эса Афғонистон муваққат ҳукумати лойиҳага қўшилди. 2022 йил 18 июлда ушбу мамлакат ҳудудида Трансафғон темир йўлининг йўналишини ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини белгилаш бўйича экспедицион ишлар бошланди.
Сешанба куни давлатлар Ўзбекистоннинг Термиз, Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Логар шаҳарларидан ўтиб, Харлачи (Куррам) чегара пункти орқали Покистонда тугайдиган темир йўл йўналиши бўйича қўшма протоколни имзолайдилар, дея хабар беради Покистоннинг Dawn нашри.
Шарҳлар