Сурхондарёда тошбақага нос чектирган шахслар жаримага тортилди

Foto: Shutterstock

Ижтимоий тармоқларда икки нафар фуқаро Ўрта Осиё чўл тошбақасига мажбурий равишда нос чектиргани ҳақида хабар тарқалди. Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан оʻрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар бермоқда.

Ўрганиш давомида юқоридаги ҳолат Денов тумани “Янгикуч” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар Ҳ.Н. ва М.Н. томонидан жорий йилнинг апрель ойлари бошларида содир этилганлиги маълум бўлди. Яъни Ҳ. Н. ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасига жойлаш учун маҳалласидаги даштликдан тошбақани ушлаб, нос чектирган.

Ҳолат юзасидан икки нафар фуқаронинг ҳар бирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига асосан БҲМнинг 3 баробари – 1 миллион 20 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.

Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш қатъиян тақиқланганлигини, бу қонунга кўра кескин жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатиб ўтди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.