Тошкент аэропортида биринчи «ақлли» автотураргоҳ ишга тушди

Источник: Uzbekistan Airports

Тест режимида Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш терминали олдида Ўзбекистонда биринчи бўлиб 333 та автомобилга мўлжалланган тўлиқ автоматлаштирилган автотураргоҳ ишга туширилди. Бу инсон аралашувисиз ишлайдиган биринчи автотураргоҳдир, дея хабар беради Uzbekistan Airports компанияси.

Автотураргоҳ тизими автомобилларнинг давлат рақамларини мустақил равишда эслаб қолади ҳамда кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини беради. Ҳайдовчиларга тўхташ жойи учун тўлов амалга оширишнинг икки усули таклиф этилади. Автомашина рақами автоматик идентификацияланган тақдирда, тўхташ жойи учун тўлов махсус автотураргоҳ ҳисоблагичи орқали нақд пулда ёки QR-код ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Тўловни амалга ошириш учун машина рақами терминалга киритилади, шундан сўнг тўлов миқдори паркометр дисплейида пайдо бўлади. Агар машинанинг рақамини автомат равишда аниқлаш имкони бўлмаса, автотураргоҳга кириш жойида ўрнатилган терминалдан махсус чипта олиб, чиқишда ушбу чипта ёрдамида тўловни амалга ошириш лозим.

«Uzbekistan Airports автотураргоҳларини реконструкция қилиш доирасида «К2» компаниясидан Япониянинг Amano брендига мансуб автотураргоҳ ускуналари харид қилинди ва ўрнатилди. Тўлиқ интеграциялашган тизим бутун жараённи – кириш, чиқиш ва тўловни автоматлаштириш имконини беради. Ўзбекистонда бугунги кунда бундай ечимлар, айниқса, тўловдан сўнг мижозга автомат равишда қайтим берадиган тизимлар ҳозирда йўқ. Ҳозирда тизим тест режимида ишламоқда. Шу билан бирга, автомобиль рақамларининг қўшимча шаблонларини қўшиш, тўлов усулларини тўлдириш бўйича баъзи техник жиҳатлар якунланмоқда, шунингдек, автомобиль ҳайдовчиларини янги технологияларга ўргатиш устида ҳам иш олиб борилмоқда», – дейди IT-департамент директори Кирилл Лаврик.

Айни пайтда барча янги ва эски банкноталар, қайтимни олиш имконияти билан, тўловга қабул қилинади. Шу билан бирга, Payme тўлов тизими ёрдамида QR-код орқали тўловни амалга ошириш мумкин. Яқин вақт ичида бошқа тўлов тизимлари, шунингдек, Visa, Mastercard, Humo ва UzCard банк карталари орқали тўловлар амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, мобил илова билан автотураргоҳнинг интеграциялашуви ҳам якунланмоқда, бу эса автомобилдан чиқмасдан тўловни амалга ошириш имконини беради.

«Инсон омилисиз ишлайдиган автоматлаштирилган автотураргоҳнинг ишга туширилиши нафақат қулайлик ва янги технологияалр, бугунги кунда уларсиз ҳеч қандай соҳа ривожлана олмайди, балки коррупция ва порахўрликдан халос бўлиш имконини берувчи муҳим қадамдир. Тизимнинг икки кун ишлаши натижасида олинган маълумотларга кўра, ҳайдовчиларнинг 99 фоизи автотураргоҳ учун нақд пулда тўловни амалга оширган, бу эса маблағларнинг ноқонуний чиқиб кетиш имконияти катталигидан далолат беради. Автоматлаштириш коррупция фактини бутунлай истисно қилади – терминал билан «келишиб» бўлмайди ва у даромадларни яширмайди. Тўлиқ молиявий шаффофлик», – дея қайд этади Uzbekistan Airports бошқарувининг раиси Рано Жўраева. 

Бу автотураргоҳларни автоматлаштиришга қаратилган биринчи қадамдир. Айни пайтда иккинчи автотураргоҳда – келиш терминали олдида ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида пойтахт аэропортининг қолган автотураргоҳлари ҳам тўлиқ автоматлаштирилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.